@Rivoyatlarbot
menu
person

 ТАҲОРАТ                 НАМОЗ                   СУРАЛАР

 

 

Намоз ҳақида савол жавоб

Савол: Намоз ўқиш неча ёшдан фарз бўлади?

Жавоб: Мусулмон одамга намоз ўқиш балоғатга етиши билан фарз бўлади. Ўғил болалар эҳтилом бўлиши (маний шаҳват билан отилиб чиқиши), қизлар эса ҳайз кўриши билан балоғатга етади.

Савол: Нафл намоз қандай намоз?

Жавоб: «Нафл» деб фарз амаллардан бошқа қўшимча амалларга айтилади. Уларни қилиш ихтиёрий, қилса савоб бўлади. Бир қанча нафл намозлар бор, масалан: таҳорат қилганда шукру вузуъ намози, қуёш ерни қизита бошлаганда зуҳо намози, масжидга кирганда таҳийятул масжид намози, тунда таҳажжуд намози ўқилади.

Савол: Жума намозини уйда ўқиса бўладими?

Жавоб: Жума намози жамоат билан жомеъ масжидда ўқилади, уйда ўқиб бўлмайди. Балоғатга етган, жума намозига боришга соғлиғи яроқли бўлган, мусофир бўлмаган киши жума намозини масжидда ўқиши керак.

Савол: Қазо намозлар қачон ўқилади?

Жавоб: Уч вақтдан – қуёш чиқаётган, қуёш қиёмга келган (тик бўлган) ва қуёш ботаётган вақтдан бошқа вақтда қазо намозларни ўқиш мумкин.

Савол: Мусофир одам сафарда намозларни қандай ўқийди?

Жавоб: Мусофир, яъни сафарга чиққан киши фарз намозларни ёлғиз ўқиганда, муқим (ўша ерда доимий яшайдиган киши) имомга иқтидо қилмаганда қаср қилиб ўқийди, яъни тўрт ракъатли намозларни икки ракъат қилиб ўқийди. Икки ракъатли ва уч ракъатли намозлар қисқартирилмайди.

Савол: Мусофир муқимга иқтидо қилганда намозни қандай ўқийди?

Жавоб: Мусофир киши муқим имомга иқтидо қилганда имомга эргашиб намозни тўлиқ ўқийди.

Савол: Шом намозининг учинчи ракъатида зам сура ўқиб қўйса нима бўлади?

Жавоб: Фарз намозларининг аввалги икки ракъатида зам сура ўқилади. Агар адашиб учинчи ёки тўртинчи ракъатда зам сура ўқиб қўйилса, саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. Саждаи саҳв охирги қаъдада ўтирганда ташаҳҳуддан кейин такбир айтиб («Аллоҳу акбар» деб) икки марта сажда қилишдир. Саждаи саҳвдан кейин яна бир марта ташаҳҳуд ўқиб, икки томонга салом бериш билан намоз тугатилади.

Савол: Витр намозида қунут дуосини ўқиш эсдан чиқиб қолса нима қилади?

Жавоб: Бунда ҳам саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади. Саждаи саҳв охирги қаъдада ўтирганда ташаҳҳуддан кейин такбир айтиб («Аллоҳу акбар» деб) икки марта сажда қилишдир. Саждаи саҳвдан кейин яна бир марта ташаҳҳуд ўқиб, икки томонга салом бериш билан намоз тугатилади.

Савол: Аёл киши пайпоқ киймай намоз ўқиса бўладими?

Жавоб: Бўлади.

Савол: Имомга иқтидо қилган киши «Фотиҳа» сурасини ўқийдими?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилган киши намозда қироат қилмайди, яъни «Фотиҳа» сурасини ва зам сурани ўқимайди. Намоздаги дуолар ва зикрларни ўз ўрнида ўқийди.

Савол: Иш кийими билан намоз ўқиш мумкинми?

Жавоб: Намоз ўқиш учун энг яхши кийимларни кийиш афзал ҳисобланса-да, иш кийими билан ҳам намоз ўқиш мумкин. Фақат намоз ўқиш учун яроқли бўлсин. Яъни авратни тўлиқ беркитадиган, нажосат тегмаган бўлиши керак.

Савол: Бомдод ва пешин намозида киши масжидга кирганда имом фарз намозни ўқиётган бўлса нима қилиш керак?

Жавоб: Бомбод намозида фарз намози тугамасидан олдин жамоатга қўшилишга кўзи етса, тезда бомдоднинг суннатини ўқиб олади ва жамоатга қўшилади. Аммо фарз намози тугагунча улгура олмасликдан хавотир олса, бомдоднинг суннатини ўқимай жамоатга қўшилади.
Агар пешин намози бўлса, жамоатга қўшилади ва фарз тугагандан кейин пешиннинг аввалги ва кейинги суннатларини ўқийди.

Савол: Жамоатга кейин келиб қўшилган киши ўтказиб юборилган ракъатларни ўқийдими, йўқми?

Жавоб: Жамоатга кейин келиб қўшилган киши ўтказиб юборилган ракъатларни албатта ўқийди. Имом салом берганда салом бермасдан ўрнидан туради ва рукуъсини топмаган ракъатларини ўқийди. Яъни қайси ракъатнинг рукуъсигача ёки рукуъсида қўшилган бўлса, ўша ракъатни топган бўлади. Рукуъдан кейин қўшилган ракъатларини бошидан ўқийди.

Савол: Ухлаб қолиш ёки эсдан чиқариш сабабли ўқилмаган намозлар учун нима қилиш керак?

Жавоб: Аввало, бундай ҳолат юз бермаслигига ҳаракат қилиш керак. Аммо шундай ҳолат бўлиб қолса, қазосини ўқиш керак.

Савол: Жаноза намозини ўқиш қандай амал?

Жавоб: Жаноза намозини ўқиш бизнинг мазҳабда фарзи кифоя амал ҳисобланади. Яъни бир қавмдан бир гуруҳ кишилар маййит учун қилинадиган зарур ишларни қилиб, жанозасини ўқиб, дафн қилсалар, барчага кифоя қилади, фарз адо қилинган ҳисобланади. Агар бу амалларни ҳеч ким қилмаса, шу қавмнинг ҳаммаси гуноҳкор бўлади.

Савол: Баъзи кишилар ташаҳҳуд ўқиётган вақтда бармоғини кўтаради. Нега бундай қилади?

Жавоб: Бу амал «ишораи саббоба» дейилади ва тўрт мазҳабда ҳам намозда қилинадиган суннат амаллардан деб эътибор қилинган амалдир. Буни қачон ва қаерда қандай қилинишини устозлардан сўраб ўрганиб олиш яхши бўлиб, кимки бу амални қилмаса, қилганлар билан тортишиб юрмаслиги лозим бўлади.

Савол: Намозда бирор амални имомдан олдин қилиб қўйса, намоз бузиладими?

Жавоб: Намозда имомдан олдин такбири таҳримани айтиш ёки имомдан олдин салом бериш намозни бузади. Аммо бошқа амалларни имомдан олдин қилиб қўйиш намозни бузмайди.

Савол: Таровеҳ намози қандай намоз?

Жавоб: Таровеҳ намози Рамазон ойида хуфтон намозининг фарзидан кейин, витр намозидан олдин ўқиладиган нафл намоздир. Унинг адади ҳанафий мазҳабида 20 ракъат дейилган. Таровеҳ намозини икки ракъат-икки ракъатдан ёки тўрт ракъат-тўрт ракъатдан ўқиб, ҳар тўрт ракъатдан сўнг бироз дам олинади.

Савол: Намозда «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлганда «Омийн»ни овоз чиқариб айтиладими?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабида қироати овоз чиқариб қилинадиган намозларда ҳам, овоз чиқармай қилинадиган намозларда ҳам «Фотиҳа» сурасидан кейин овоз чиқармай, ўзи эшитадиган даражада «Омийн» дейилади.

Савол: Жамоат намозидан сўнг тасбеҳ ва дуоларни жамоат билан бирга қилиш шартми?

Жавоб: Намоздан сўнг тасбеҳ ва дуоларни қилиш мустаҳаб (қилса савоб бўладиган) амал бўлиб, буни ҳар бир киши ўзи қилиши ҳам мумкин.

Савол: Намоз ўқиётган кишининг олдидан одам ўтса, намоз бузиладими?

Жавоб: Намоз бузилмайди, лекин намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтмаслик керак. Кимдир ўтаётган бўлса, уни қўл билан ишора қилиб қайтаришга ҳаракат қилиш керак. Ўтган одам гуноҳкор бўлади.

Савол: Намозда «Фотиҳа» сурасидан олдин ҳар ракъатда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» айтиладими?

Жавоб: Ҳа, айтилади. Лекин зам сурадан олдин айтилмайди.

 

Манба: namoz.islom.uz